“МИЛЛИЙ ЛИБОСЛАР – МИЛЛАТИМИЗ ВА МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ”
2019 йил 30 ноябрда Тошкент молия институтида институт Хотин-қизлар Кенгаши, “Қизларжон” тўгараги, факультетлар Хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаоллари ташаббуси билан “Миллий либослар – миллатимиз ва маънавиятимиз кўзгуси” мавзусида факультетлараро беллашув бўлиб ўтди.
Тадбирда ёшлар билан ишлаш бўйича проректор К.Каримова сўзга чиқиб, ўзбекона кийиниш маданияти, унинг тарғиботи, кийим танлаш, замонавий кийинишда ўзбекона шарм-ҳаё меъёрларига амал қилиш, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали урф-одат, анъана ва қадриятларимизга хос бўлмаган ғарб ва бошқа кийиниш маданиятига тақлиднинг олдини олиш ҳамда ёшларда миллий кийиниш маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил қилинган ушбу тадбирнинг институт ҳаётида анъанавий тарзда ўтказиладиган тадбирга айланиб қолишига умид билдирди.
Беллашувда институтнинг 7 факультетидан 100 дан ортиқ талаба йигит-қизлар иштирок этдилар. Жамоалар миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмат, миллий урф-одат ва анъаналаримизга садоқат, миллий либосларнинг гўзаллигини турли саҳна кўринишлари, жозибали рақслар ва миллий либослар тақдимотлари орқали намойиш қилдилар. Ҳар бир факультет жамоасининг чиқиши ўзига хослиги билан ажралиб турди. Беллашувни институтнинг катта ҳаётий тажрибага эга бўлган аёл профессор-ўқитувчилари ва фахрий педагогларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Беллашув натижаларига кўра, 148 балл билан Солиқлар ва суғурта факультети жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади. Иккита 2-ўринга тенг миқдордаги 147 балл билан Молия факультети ва Бухгалтерия ҳисоби ва аудит факультети жамоалари сазовор бўлдилар. Банк иши (139 балл), Бюджет ҳисоби ва ғазначилик (139 балл), ТМИ-Полоцкий қўшма факультети (138 балл) ва Иқтисодиёт (133 балл) факультетлари жамоаларига, уларнинг мазмунли ва жозибали чиқишларини ҳисобга олиб, Ҳакамлар ҳайъати барчаларига 3-ўринни беришга қарор қилдилар.
Бундан ташқари, тадбирнинг Ташкилий гуруҳи томонидан таъсис этилган “Энг жозибали жамоа” номинацияси бўйича – Банк иши факультети, “Энг қувноқ жамоа” номинацияси бўйича – Бухгалтерия ҳисоби ва аудит факультети, “Энг ижодкор жамоа” номинацияси бўйича – Бюджет ҳисоби ва ғазначилик факультети, “Энг креатив жамоа” номинацияси бўйича – ТМИ-Полоцк қўшма факультети жамоаси ғолибликни қўлга киритдилар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. “Бувижоним кийган либослар” ғоясини диққат марказига қўйган беллашув ҳақиқий миллий либослар фестивалига айланиб кетди ва иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
|